ТОШКEНТ ШАҲАР ТАТАР ИЖТИМОИЙ МАДАНИЙ МАЪРИФИЙ МАРКАЗИ

Замонавий Ўзбекистон ҳудудида татар халқининг этник диаспора сифатида шаклланиши Ўрта асрларда бошланган. Ўзбек ва татар тиллари ҳамда маданиятларининг ўхшашлиги, динларининг ягоналиги, шунингдек, юз йиллардан бери давом этиб келаётган қариндошчилик ришталари халқларнинг яқинлашишига ижобий таъсир кўрсатган.
Татар ижтимоий маданиймаърифий маркази 1990 йил Тошкент шаҳрида тузилган. Татар халқининг ўзига хос маданияти, анъаналари, урфодатларини асраш ва янада бойитиш мақсадида марказда болалар ва ёшлар ўртасида татар тилини ўрганиш тўгараклари ташкил қилинган, халқ қўшиқлари ва рақслари ижрочиларининг танловлари, миллий маданият кечалари ўтказилади.

Марказнинг барча лойиҳалари бошқа этник бирлашмалар вакиллари иштирокида амалга оширилади, татарларнинг энг машҳур байрами Сабантуй эса бутун республика учун ҳақиқий байналмилал байрамга айланган. Наврўз ва Униш — ҳосил байрами каби кўҳна байрамлар ҳам қадимги ва гўзал анъаналарга кўра ўтказилади, “Яшлек”, “Дуслик”, “Якташлар”, “Булгар”, “Бизнен мирас”, “Лейсан”, “Изгинур” ансамблларининг иштироки эса ушбу байрамларни янада жозибали ва томошабоп қилади.

Татар халқининг Абдулла Тўқай, Мусо Жалил, Ғаёз Ис?оқий каби таниқли ёзувчилари, шоирлари ва жамоат арбоблари хотирасига бағишланган тадбирлар ҳам анъанага айланган. Шу билан бирга, ўзбек халқининг буюк намояндалари Алишер Навоий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ғафур Ғулом ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ижодий учрашув ва кечалар ҳам ўтказилади.
Марказ фаолларининг фикрига кўра, бошқаларга беғараз ёрдам бериш — бу чин кўнгилдан чиқувчи интилиш, юрак амри ва бахт формуласидир. Улар уруш ва меҳнат фахрийлари, ихтисослаштирилган болалар муассасалари ва интернатлар учун хайрия тадбирларини мунтазам равишда ташкил қилиб келадилар.
Бугунги кунда татар миллий маданий марказлари республиканинг Жиззах, Хоразм, Фарғона вилоятларида ва Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида фаолият юритмоқдалар. Улар билан бир қаторда Бухоро, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида татарбошқирд марказлари ҳам ишламоқда. Уларнинг барчаси, мамлакатимиздаги бошқа маданиетник бирлашмалар цингари, халқ дипломатиясининг ишончли устунлари ҳисобланадилар: миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга, Ўзбекистон билан Татаристон республикалари ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Марказлар жамоатчилиги Татарларнинг умумжаҳон конгресси, Татар ёшлари ва аёлларининг умумжаҳон форуми ҳамда “Татар мони” қўшиқ фестивали каби йирик анжуманларда доим қатнашиб келади.

Ўзбекистон, Татаристон Миллий телерадиокомпаниялари ўз телекўрсатувлари ва радиоэшиттиришларида миллий маданий марказларнинг бой ва серқирра фаолияти, уларнинг кундалик ишлари ва байрамлари тўғрисида мунтазам ҳикоя қилиб келмоқдалар.