Мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университетида Университет маъмурияти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси билан биргаликда “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” деб номланган давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Университет профессор-ўқитувчи ва талабалар, қатор ташкилотлардан ташриф буюрган меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси раиси ўринбосари К.Ишанходжаев барча йиғилганларга миннатдорчилик билдириб, И.Каримовнинг мустақиллигимизга асос солиб ривожлантириш, Ўзбекистонни дунёда танитишда қилган хизматлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва амалий саъй-ҳаракатлари натижасида жамиятимизда ўтганлар руҳини шод этиш, айниқса, буюк хизматлари билан мамлакатимиз тарихи ҳамда халқимиз қалбидан чуқур жой олган шахсларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларига мутлақо янгича тарзда ёндашилмоқда дея таъкидлашди.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ҳамда ардоқли фарзанди Ислом Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ҳамда синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди. У ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ҳамда обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.
Тадбир доирасида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўли, мамлакатимиз тақдирига дахлдор буюк ишлари ҳақида маърузалар тингланди.