2017 йил 26-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти, Республика Қирғиз маданияти маркази ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Манас” эпоси янги таржимаси китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди (“Манас”. Қирғиз эпоси, Тошкент – 2017).
Анжуманни Дўстлик жамияти раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Муҳаммад Али очиб, “Манас” эпосининг дунёвий аҳамияти, унда тараннум этилган умуминсоний ғоялар ҳақида маъруза қилди.
Икки халқ қардошлигини янада кучайтиришда “Манас” эпоси каби асарларнинг таржима қилиниши муҳим эканлиги Республика Қирғиз маданияти маркази Раҳматилла Жабборов нутқида алоҳида таъкидланди.
Таржиманинг масъул муҳаррири, “Шарқ” НМАК бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов таржимани нашрга тайёрлаш жараёни, ушбу нашрнинг мамлакатимиз Президенти томонидан Қирғизистон Президенти А.Атамбоевга тантанали равишда ҳадя этилиши ҳам қардошлик алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.
Таржимон Зуҳриддин Исомиддинов анжуман қатнашчиларининг табриклари учун миннатдорчилик билдириб, ушбу таржиманинг аввалгиларидан принципиал фарқлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг Республика Қирғиз маданияти маркази билан ушбу қўшма йиғилишида жамиятнинг 2017 йилги фаолияти якунлари кўриб чиқилди ва 2018 йил учун иш режалари лойиҳаси муҳокама этилди.