Yangiliklar

Наманган шаҳрида “Дўстлик уйи” очилди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги олдидан барпо этилган мазкур муассасанинг фойдаланишга топширилишига бағишланган маросимда Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, турли миллат вакиллари, фахрийлар, ёшлар иштирок этди. 
Мустақиллик йилларида халқимиз босиб ўтган улкан тараққиёт йўли, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда қўлга киритилган ютуқ ва марралар, Ўзбекистонимиз мавқеи халқаро миқёсда тобора юксалиб бораётгани, бунда юртимизда турли миллатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган бағрикенглик сиёсати муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

3.jpg

– “Дўстлик уйи”нинг очилиши билан Конституциямизнинг 18-моддасида белгилаб қўйилган Ўзбекистон Республикасида жинси, ирқи, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликка эга экани яна бир бор ўз ифодасини топди, – дейди вилоят тожик миллий маданий маркази раҳбари А.Ғофуров. – Бугун вилоятимизда тожик миллатига мансуб 230 мингга яқин юртдошларимиз Бош қомусимизда кафолатланган ҳуқуқлардан тўла фойдаланиб, барчамиз учун ягона бўлган она Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.

12.jpg

Бундан ташқари, вилоятда 22 мингдан зиёд қирғиз, 12 минг рус ҳамда 3 мингга яқин корейс миллатига мансуб юртдошларимиз “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида ҳамжиҳатликда яшаб, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашда фаол иштирок этаётир. Вилоятда уларнинг миллий маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, фарзандларини она тилида ўқитиш, миллий қадриятлар руҳида тарбиялаши учун барча шароит яратилган. Рус, корейс, қирғиз, тожик миллий маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда.

1.jpg

 “Дўстлик уйи” учун ажратилган икки қаватли муҳташам бинода амалга оширилган 1 миллиард сўмликдан зиёд ҳажмдаги реконструкция ишлари туфайли иморат замонавий ва кўркам қиёфа касб этди. Бу ерда рус, корейс, қирғиз ва тожик миллий маданий марказлари фаолияти учун зарур шароитлар яратилди.
Миллий маданий марказлар қошидаги бадиий ҳаваскорлик жамоалари, ёш истеъдодлар ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Иштирокчилар “Дўстлик уйи”да амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, у ерда ташкил қилинган турли миллатлар тарихи, маданияти, анъана ва урф-одатларига доир кўргазмалар билан танишди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА