“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида “Ўзбекистонликларнинг бағрикенглиги ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва барқарор ривожининг мустаҳкам асоси” мавзусида семинар мажлиси ташкил этилди.
Унда гуманитар фанлар соҳаларида ишловчи мутахассис-олимлар, олий ўқув юртларининг ўқитувчилари, диний жамоалар, миллий-маданий марказлар, Ўзбекистон Хотин-кизлар қўмитаси, Республика «Оила» илмий-амалий маркази, Республика «Маҳалла» хайрия фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоки Марказий Кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази, бошқа жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
БМТ Бош Ассамблеясининг қарори бўйича 1997 йилдан бошлаб ҳар йили 16 ноябрда бутун дунёда Халқаро бағрикенглик куни нишонланади. Бу санани бизда, Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистан Республикаси Миллий комиссияси, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Миллий қўмитаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистан Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан биргаликда «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт» республика доимий илмий-амалий семинари доирасида «Ўзбекистонликларнинг бағрикенглиги ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва барқарор ривожининг мустаҳкам асоси» мавзусида семинар мажлиси ўтказилди.
Семинар мажлисини оча туриб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Миллий қўмитаси раиси Р.А.Убайдуллаева, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари К.Н.Ишанходжаев мустақиллик йилларида Ўзбекистонда туб ижтимоий-иқтисодий ва тарихий ўзгаришлар юз берганлигини таъкидладилар.
Колаверса, турли этник гуруҳларга мансуб кишиларнинг турмуш тарзига, хатти-ҳаракатига, туйғуларига, фикрига, ғоялари ва эътиқодларига кенг феъллик ва сабр-тоқатлилик кўрсатишни тақозо этувчи асосий демократик принциплардан бири сифатада бағрикенглик нафақат давлат, балки шахсий, кишилар гуруҳлари даражасида ҳам янада кўпрок қарор топаётганлигини таъкидлаб ўтишди.
Хозирги кунда Ўзбекистон 130дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари учун умумий уй ҳисобланади, мамлакатимизда уларнинг маънавий бойиши ва маданий тараққиёти учун тенг шароитлар яратилган. Мамлакатимиз ҳудудида анъанавий ислом дини билан бир қаторда 16 та диний конфессиялар фаолият кўрсатмоқда. Чуқур ўйланган миллий ва диний сиёсат туфайли Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро тарқоқлик тўсиғи бартараф этилган.
Бағрикенглик қоидалари Асосий Қонунимизда — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган бўлиб, унда мамлакат фуқароларига, уларнинг миллий, этник ва диний мансублигидан қатьи назар, тенг ҳуқуқлар тақдим этилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида қуйидагича ёзилган: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатьи назар, қонун олдида тенгдирлар.».
Ўзбекистондаги жамоатчилик фикрида мамлакатда мустақиллик йилларида эришилган тинчлик ва барқарорликка, миллатлар ва фуқаролар тотувлигига берилган юқори баҳо устуворлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазмуни БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига жавоб берувчи янгиланишларнинг аниқ ҳаракат дастури сифатида «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонининг умумхалқ томонидан қўллаб-қувватланиши асосида давлатнинг янада ривожланиши, Ўзбекистон давлатчилиги ва фуқаролиги айнанлигининг кучайиши тенденцияси башорат қилинади.
«2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини бешта устувор йуналишда ривожлантириш буйича Ҳаракатлар стратегияси»ни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида» бажариш юзасидан Давлат дастурининг қабул қилиниши, шак-шубхасиз, барча миллий жамоаларнинг ягона Ўзбекистон халқига жипслашувига ёрдам беради, бу замонавий жамиятнинг тегишли воқеликларига мувофиқ келади.
Семинар иштирокчиларининг эътиборига қуйидаги маърузалар ҳавола қилинди:
О.Б.Ата-Мирзаев — «Ижтимоий фикр ” Маркази директори ўринбосари, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Миллий қўмитаси раиси ўринбосари, география фанлари доктори, профессор: “Ўзбекистонликларнинг бағрикенглиги ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва барқарор ривожининг мустаҳкам асоси”;
Каримов Б.Р. — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг илмий амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими бошлиғи, фалсафа фанлари доктори, профессор: “Глобаллашув ва ахборот цивилизацияси ривожи даврида толерантлик масалалари”.
Семинарда қизиқарли фикрлар билдирилди.