Yangiliklar

Яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва эътибор – тотувликка эришишнинг муҳим шарти

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва эътибор – тотувликка эришишнинг муҳим шарти” деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Милларлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси, “Ўзбекистон-Озарбайжон”, “Ўзбекистон-Грузия” дўстлик жамиятлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда шунингдек, дипломатик корпус вакиллари ҳамда Низомий номидаги ТДПУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Давра суҳбати чоғида ТДПУ кафедра мудири М.Қаххарова “Барқарор муҳит, глобал эзгу ташаббуслар: давр талаби”, “Ўзбекистон-Грузия” дўстлик жамияти раиси ўринбосари С.Абдуллаев “Яхши қўшничилик ва азалий дўстликка асосланган ҳамкорлик бардавом бўлади”, ТДПУ доценти Х.Юнусова “Образ старого Ташкента в современной русскоязычной прозе” ва “Ўзбекистон-Грузия” дўстлик жамияти ижрочи директори Х.Назаров “Яхши қўшничилик – фаровонлик тимсоли” номли маърузалари билан қатнашдилар.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталик, фаровон турмуш, миллатлараро бағрикенглик ва дўстлик ришталарини кўз қорачиғидек авайлаб асраш ва қадрига етиш кераклиги ҳақида фикр юритдилар.
Ҳақиқатан ҳам давлатимиз раҳбарининг қўшни давлатларга ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсатида янги саҳифа очди ва унинг халқаро алоқаларни янада кенгайтириш йўлида янги уфқларни белгилаб берди. Мазкур ташрифлар давомида эришилган аҳдлашувлар, қатор стратегик масалалар бўйича олиб борилган фикр-алмашув ва мулоқотлар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини чуқурлаштириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, пировардида эса, юртимизни янада тараққий эттириб, дунёдаги ривожланган давлатлар сафига олиб чиқиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.

Жамият, аслида мисоли улкан оила. Ана шу оилада маънан соғлом улғайган, камол топишни ният қилган ва тўғри йўлни мақсад қилган кишилар ва жамият ўзининг порлоқ истиқболи учун пойдевор яратади.
Ўқилган маърузалар юқори илмий савияда бўлиб, ҳар бир докладдан сўнг қизғин илмий баҳслар бўлиб ўтди.