Yangiliklar

Ўзбекистон делегациясининг АҚШ гаги сафари

Жорий йилнинг 22-26 октябрь “Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамияти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари Конгресси томонидан “Ўзбекистон ривожланиш ислоҳотининг янги босқичида” номли халқаро конференсияда иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтишди.

Ташриф доирасида бир қатор учрашув ва кенг доирадаги суҳбатлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳамда АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари Конгресси президенти Б.Кандов, Конгресс координатори Р.Некталов, Конгресс маданият қўмитаси раиси Б.Катаев ўртасида Нью-Йоркнинг Квинс шаҳрида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТдаги домий ваколатхонаси раҳбари Б.Ибрагимов ҳам иштирок этди.
Унда сафар давомида режалаштирилган учрашувлар ҳамда халқаро конференциянинг ўтиш жойи ва тартиби юзасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Нью-Йорк штатининг АҚШ Конгрессидаги вакили Грейс Менг билан учрашув бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон делегацияси раҳбари А.Курманов иштирок этди ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистонда бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро алоқалар ривожланиб бораётганлиги юзасидан ахборот берди.

Шу куни Нью-Джерсида жойлашган Туркистон-Америка Ассоциациясида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ассоциация президенти Абдулла Хўжа ҳамда ўн олти кишидан иборат ватандошлар иштирок этишди. Суҳбат давомида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, икки томонлама алоқаларнинг ривожи ҳақида фикр юритилди.
“HILEL” Квинс коллежида учрашув бўлиб ўтган учрашувда Коллеж ижрочи директори Ури Коҳен, бандлик ва ривожлантириш жамияти директори Манаше Хаимов, талабалар иттифоқи декани Жон Андрежак ҳамда Ўзбекистон делегацияси таркибидан М.Икрамов, Р.Карлибаева ва Ф.Беков иштирок этишди.
Суҳбат давомида коллеж ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида талабалар алмашинуви, ўқитувчилар малакасини ошириш курслари ҳамда ёзги курсларни ташкил этиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
25 октябрь куни АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари конгресси биносида “Ўзбекистон ривожланиш ислоҳотининг янги босқичида” номли халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Квинс яҳудийлар маслаҳат жамияти президенти, Америка яҳудийлари Конгрессининг собиқ президенти Майкл Нуссбаум, АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари конгресси президенти Борис Кандов, Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жавлон Вахабов ҳамда АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари катта роҳиби Баруч Бабаев табрик сўзлари билан очиб беришди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ташқи ишлар, халқаро иқтисодй алоқалар, инвеститсиялар ва туризм қўмитаси раиси А.Курманов “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришни амалга оширувчи Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши”, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси раҳбари Б.Ибрагимов “Халқ дипломатияси – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим элементи”, “Bet Gavriel” журнали бош муҳаррири, философия фанлари доктори, профессор Велиям Кандинов “Ўзбекистон Мирзиёев даври бошида”, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, “Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамияти аъзоси М.Икрамов “Ўзбекистон Республикаси хизмат кўрсатишда маркетинг тизими”, АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари конгресси Сиёсий департаменти директори, филология фанлари номзоди Тавриз Аронова “Ғарб матбуотида Ўзбекистоннинг замонавий ҳақиқати ва унинг ифодаси”, Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти, “Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамияти аъзоси Р.Карлибаева “Инвестиция ва инновациялар Олий таълим тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим омили”, “Рашнои” жамоат тадқиқот маркази президенти Роберт Пинчасов “Ўзбекистон ва бухоро яҳудийлари халқлари ўртасида ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича 2018 йил октабрь ойидаги халқаро конференция” номли маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ишларга ижобий муносабатда эканликларини маълум қилишиб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшишга тайёрликларини билдиришди.
АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари конгресси келгусида Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликда маданий ва маърифий тадбирлар ташкиллаштириш режалари борлигини мълум қилишди.