Yangiliklar

«Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонлари топширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 ноябрдаги фармойишига биноан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларда жонбозлик кўрсатиб келаётган, Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш ишига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиз «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган байрам тантаналари республикамизнинг барча гўшаларида ўтказиб келинмоқда. Мана шундай тадбирлардан бирида  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг бир гуруҳ ходимларига мазкур эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қўмита ходимлари ҳамда республикамизда фаолият олиб бораётган Миллий маданий марказлар раҳбарлари ва аъзолари иштирок этишди. Қўмита раиси ўринбосани К.Ишанходжаев барча йиғилганларни яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги билан самимий қутлаб, 1992 йил 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун юртимиз тарихидаги буюк саналардан биридир.

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар устуворлик касб этди деди. Айни пайтда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам Конституциямиз тамойилларига асосланганлигини таъкидлаб, тақдирланганларга тантанали равишда мукофотларни топширди.

Мукофотланганлар юксак эътибор ва эътироф учун миннатдорлик изҳор этиб, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилишини билдиришди.